РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Жорий йилнинг 15-февраль куни ижтимоий тармоқлар орқали тумандаги хусусий корхона ишчиси Ш.А Ўзбекистон Республикасининг бир нечта давлат ташкилотлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарларига видеомурожаат қилиб, Навоий вилояти Томди туманида яшовчи, хусусий корхона раҳбари К.Б ноқонуний ҳаракатларидан норози эканлигини билдириб, бир неча бор ариза йўллаганлигини, шунингдек, 2021 йилнинг 12 февраль куни тахминан соат 11:40ларда К.Б исмли шахс М.А ва Э.Ж билан биргаликда Томди тумани “Томдибулоқ” ОФЙ "Бесапан" қўрғонидаги яйлов ерларига келиб, қўй боқиб турган фуқаролар, Ш.А ва А.Бга “Аризаларингни қайтариб ол. Аризаларингни қайтариб олсанг 3 000 000 миллион сўмдан пул бераман, агар қайтариб олмасанглар, ҳаммангни йўқ қиламан” дея дўқ-пўписа қилганлигини айтиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни, етказилган моддий ва маънавий зарар ўрнини қоплаб беришни сўраган.
Шундан сўнг, Томди тумани ИИБ томонидан воқеа тафсилотлари ўрганиб чиқилди. Суриштирувлар натижасида маълум бўлишича, 2021 йил 12 февраль куни соат тахминан 10:00 ларда Томди тумани “Томдибулоқ” овул фуқаролар йиғини ҳудудига кирувчи “Бесапан” майдонидаги чўл ҳудудида фуқаролар 1988 йилда Томди туманида туғилган, хусусий корхонада ишчи лавозимида ишловчи М.А ўзига олдиндан таниш бўлган А.Б билан ўзаро тортишиб қолиши натижасида, А.Бнинг юз қисмига қўли билан уриб, унга Томди туман суд тиббиёт экспертиза бўлимининг хулосасига кўра соғлиғининг бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолатда фуқаро М.Анинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноят аломатлари мавжудлигини инобатга олиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Шу ўринда фуқароларимизга эслатиб ўтмоқчимиз. Юртимизда инсон ва унинг ҳуқуқлари қонун билан мустаҳкам ҳимояланган. Қонунбузарларга эса жазо муқаррар.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати