9 Апрел 2021 йил 298

Учқудуқ туманида ИИБ бошлиғи томонидан спортга алоҳида эътибор қаратилмоқда

Аҳолининг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий ва қулай шароитлар яратиш, янги спорт иншоотлари қуриш мавжудларини таъмирлаш, болалар спортини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай эзгу ишлар Учқудуқ туманида ҳам бўй кўрсатмоқда. “Йўлчилар” овул фуқаролар йиғини “Истиқлол” массивида бунёд этилган сунъий қопламали спорт майдони бунга мисол бўла олади. “Бургут спорт аренаси” ХК томонидан барпо этилган спорт майдони қурилишига жами 280 млн. сўм маблағ сарфланган. Мазкур спорт майдонида кийиниш ва ювиниш хоналари мавжуд. Объектнинг фойдаланишга топширилиши билан 2 та янги иш ўрни яратилди.

- Ўзмиллийбанк АЖ Учқудуқ филиалининг 150 млн. сўм кредити ва 130 млн. сўм миқдоридаги ўз маблағим эвазига барпо этилган минифутбол майдони бизнес режамизнинг дастлабки босқичидан ўрин олган. - дейди, “Бургут спорт аренаси” ХК раҳбари, ёш тадбиркор Маъмуржон Сувонов.  Келгусида тренажёр зали ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам барпо этишни режалаштирганмиз.

Сунъий қопламали мини футбол майдонининг очилиш маросимидан сўнг, “Туман ИИБ бошлиғи кубоги” мусобақалари бўлиб ўтди.10 та футбол жамоалари иштирок этган мини футбол мусобақалари баҳсларга бой тарзда кечди. Фахрли биринчи ўрин Учқудуқ саноат техникуми, иккинчи ўрин туман ХТБ ва учинчи ўрин Миллий гвардия жамоаларига насиб этди.

Мусобақа сўнгида ғолиб жамоаларга қимматбаҳо совғалар ҳамда ИИБ бошлиғи кубоги тантанали равишда топширилди.

 

                        Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати 

Text to speech