Ўзбекистон Республикаси ИИВ Навоий академик лицейида "Конституция – юксак тараққиётимиз, фаровон ҳаётимиз кафолати" байрам тадбири ўтказилди
Мамлакатимизда фуқаролар эрки, қадр-қиммати, шаъни ва манфаатларини ҳимоя қилувчи Конституциямиз ҳуқуқларимиз ҳимоясини таъминловчи мустаҳкам пойдевордир. Жамиятимизда адолат меъзонларини таъминлашда энг устувор вазифалардан бири унга сўзсиз итоат этиш, албатта. Негаки, белгиланган қоидалар ижроси билан ўз кучига эга.
Келажак авлод онгу шуурида қонунларимизга ҳурмат руҳини сингдириш мақсадида, Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Навоий академик лицейида "Конституция – юксак тараққиётимиз, фаровон ҳаётимиз кафолати" шиори остида байрам тадбири ташкил этилди. Навоий вилоят Маънавият ва маърифат бўлими, ИИБ, Адлия бошқармаси, Миллий гвардия ҳамда Ёшлар Иттифоқи вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур тадбир чин маънода ўқувчиларнинг ҳуқуқий маданияти ҳамда саводхонлигини оширишга хизмат қилди.
Хусусан, Миллий гвардия бошқармасининг қурол-аслаҳалар намойиши, Абдулла Қодирий номидаги Ахборот кутубхона маркази томонидан энг янги нашрдаги китоблар тақдимоти, лицей ўқувчи-ёшлари иштирокида чизилган расмлар кўргазмаси ҳамда байрам дастури тадбирнинг янада кўтаринки ва ўзгача шукуҳда ўтишига замин яратди. Тадбир якунида фаол иштирок этган қатнашчилар мутасадди ташкилотлар томонидан ташаккурнома ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Юртимизда яшаш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, виждон ҳамда сўз эркинлиги кафолатлари таъминланишида бевосита Конституциямизнинг ўрни ва аҳамияти муҳимдир. Улуғ қадриятларимиз ҳамда асрий анъаналаримиз ҳамоҳанглигида қабул қилинган Бош қомусимиз Ватан равнақи ва фуқаролар манфаатларига хизмат қилиш энг олий бурч эканлигини кафолатлайди. Зеро, ҳар қандай жамиятда қонуннинг кучи унинг амалдаги ифодаси билан баҳоланади.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати