18 Декабр 2020 йил 559

Ватанпарварлик карвонининг навбатдаги манзили Қизилтепа тумани бўлди

Барчамизга маълумки, бугун юртимиз бўйлаб “Ким ватанга содиқ бўлса мендурман ўша” шиори остида Ватанпарварлик ойлиги ўтказилиб келинмоқда. Келажак авлодни ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш мақсадида ўтказилаётган ушбу ойлик доирасида вилоятимиз ҳудудида ҳам кўплаб тадбирлар ташкил қилинмоқда.

Ана шундай тадбирларнинг галдагиси Қизилтепа туманида ташкил этилди. Дастлабки тадбир Узилишкент МФЙда жойлашган 29-умумтаълим мактабида ўтказилган бўлса, навбатдаги манзил туманнинг Ўртақўрғон маҳалласи бўлди. Ҳар иккала тадбирда 1000 га яқин уюшмаган ёшлар ҳамда маҳаллий аҳоли иштирок этишди.     

Вилоят ИИБ кинология хизмати ходимлари томонидан намойиш этилган кўргазмали чиқишлар йиғилганлар эътирофига сазовор бўлди. Махсус отряд  ходимларининг ватан ҳимоясига бағишланган жанговор чиқишлари ёш авлод қалбида ватанга садоқат, она-юртга муҳаббат туйғусини янада оширди. Кўргазмага қўйилган ҳарбий техника ҳамда қурол-аслаҳалар ўқувчи ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек эксперт криминалистика соҳаси мутахассисларининг жиноятларни иссиқ изида фош этишдаги жараёнлар қатнашувчилар эътиборига ҳавола этилди.

Тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги Навоий академик лицейи ўқувчилари томонидан соҳага қизиқиши бўлган ёшларга маълумот ва тавсиялар бериб ўтилди.

Вилоят ИИБ ходимлари бошчилигида бундай тадбирларнинг ташкил этилиши соҳа ходимларининг  халқ билан доимо ҳамнафаслиги ҳамда фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталиги йўлида ҳамиша шай эканлигидан далолатдир.

     Ватанпарварлик ойлиги вилоятимиз ҳудуди бўйлаб давом этмоқда. 

               Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech