15 Ноябр 2020 йил 621

ЖИСМОНИЙ ЧИНИҚИШ – ТАНА ВА РУҲИЯТ ҚУВВАТИ

     Инсон руҳияти шаклланишида билим бирламчи восита ҳисобланса, жисмоний чиниқишида спорт энг асосий ўринни эгаллайди. Негаки, жисмонан соғлом муҳит таъсирида кишиларнинг онгида янада теранроқ англай олиш қобилияти шаклланади. Спорт машқлари танани чиниқтириш билан бирга, ақлий фаоллигимизни ҳам ошириб боради.

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрь кунидаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6099-сонли Фармони ҳам айнан мамлакатимизда спортни кенг тарғиб этиш, аҳоли саломатлигини асраб-авайлашга қаратилган бўлиб, республикамиз миқёсида Фармоннинг амалдаги ижроси таъминланмоқда. Бинобарин, Навоий вилояти ИИБ ташаббуси доирасида 18 ноябрь – “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун” муносабати билан вилоят Ички ишлар органлари тизимида хизмат қилаётган ходимлар ўртасида соғлом турмуш-тарзини тарғиб қилиш, уларнинг жанговар тайёргарликларини ошириш, спорт турларини ривожлантириш, шунингдек, соҳа ходимларининг оила аъзоларини ҳам спортга жалб этиш мақсадида Навоий вилояти ИИБ бошлиғининг 2020 йил 13 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 29 йиллигига бағишлаб вилоят Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари ўртасида узоқ масофага югуриш Марафонини ўтказиш тўғрисида”ги 153-сонли буйруғи ишлаб чиқилди.

     Жорий йилнинг 15 ноябрь куни шукуҳли ва фараҳбахш тонгда Навоий шаҳрида жойлашган “Ёшлик кўли” соҳилида вилоят ИИБда хизмат олиб бораётган 300 нафарга яқин ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирокида югуриш Марафонига старт берилди.

     Тадбирга жалб этилган ходимларнинг оила аъзолари ўртасида 1-ўринни Рустамов Асилбек Зафар ўғли, 2-ўринни Саидов Миржалол Мухриддин ўғли ҳамда 3-ўринни Нормуродов Жавоҳир Отабек ўғли эгаллашди. Ходимлар иштирокида фахрли 3-ўринни ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони ходими катта сержант Фаррух Элмуродов, фахрли 2-ўринни вилоят ИИБ ЖИЭБ 4-сонли ЖИЭКси ходими Алишер Астанаев ҳамда фахрли 1-ўринни Транспорт ХТБ ходими Хуршид Шодиевлар қўлга киритди. Ғолиблар Бошқарма бошлиғи томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

     Бир сўз билан айтганда, марафон кўтаринки руҳда кечди. Энг асосийси, барча иштирокчилар чиниқиш инсон саломатлигининг қуввати ҳамда тенги йўқ бебаҳо неъмат эканлигини яна бир бор ҳис этдилар. Марафон тадбирлари вилоятимиз бўйлаб давом этмоқда.

 

     Завқиддин Хўжанов, подполковник,

     Навоий вилояти ИИБ Бошлиғи ўринбосари в.б.

Text to speech