28 Ноябр 2024 йил 2265

Қизилтепа туманида ташкил этилган оммавий сайёр қабулда кўплаб мурожаатлар ҳал этилди

     Кимнинг ҳаётида муаммо, ташвиш йўқ дейсиз? Инсон борки, ҳаётнинг турли синовларига учраши табиий. Ана шундай пайт ёрдам учун чўзилган қўллар кўнгилга малҳам бўлса, не ажаб.  Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда сектор раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган оммавий сайёр қабулнинг навбатдагиси Қизилтепа туманида бўлиб ўтди. Навоий вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Азат Тасбаев ҳам фуқароларнинг тиббий хизмат, моддий ёрдам, электр ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар қаторида суд-ҳуқуқ масалаларига оид 10 дан ортиқ мурожаатларини ўрганди. Мурожаатларнинг аксари тиббий ёрдам, жарроҳлик амалиётига оид муаммолар бўлиб, улар соғлиқни сақлаш бошқармасининг масъул ходимлари билан биргаликда кўриб чиқилди. Жумладан, “Зарметан” маҳалласида истиқомат қилаётган Гулбаҳор Азизова 2 ёшли набирасини жарроҳлик амалиётисиз даволаб бўлмаслигини айтди. 

Қабулга келганлардан Дилнавоз Чўлиева фарзандини даволатишда, Қундуз Бозорова кўз жарроҳлигида, шунингдек, Акобир Арслонов бандлигини таъминлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Бошқарма бошлиғи томонидан шу каби кўплаб мурожаатлар ҳал этилиб, баъзилари тегишлилиги бўйича мутасаддиларга топширилди ва алоҳида назоратга олинди.

 Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech