Навоий вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика маркази экспертлари томонидан ўқувчи-ёшлар учун ўқув машғулоти ташкил этилди
Вилоят Ички ишлар бошқармаси Эксперт-криминалистика маркази экспертлари томонидан ИИВ Навоий академик лицейида “Гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг турлари” ҳамда “Судга оид автотехника экспертизаси ва унинг турлари” мавзусида ўқув машғулоти ташкил этилди. Унда ўқувчиларга судга оид автотехника экспертизаси, гиёҳванд моддалар экспертизаси унинг турлари, мақсад ва вазифалари ҳақида тушунчалар берилди. Йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ воқеа жойини кўздан кечиришда эътибор берилиши лозим бўлган жиҳатлар, жиноятни “иссиқ изи”дан фош этилишини таъминлашда мутахассис томонидан ашёвий далилларни қидириб топиш ва олиш бўйича амалий мисоллар келтирилди.
Шунингдек, жараёнда ўқувчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоблар берилиб, уларнинг назарий билимлари мустаҳкамланди. Ташкил этилаётган ушбу машғулотлар ўқувчиларни Ички ишлар органлари фаолиятига қизиқтириш ҳамда уларнинг билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати