Навоий вилояти ИИБда матбуот анжумани ташкил этилди
Навоий вилояти ИИБда ташкил этилган матбуот анжуманида ОАВ вакиллари, журналист ҳамда блогерлар иштирок этди. Анжуманни вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари - Тергов бошқармаси бошлиғи, полковник Зоҳиджон Қаюмов кириш сўзи билан очиб, 2024-йил сарҳисоби ва келгусидаги режалар, ички ишлар тизимидаги ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, рақамли технологиялар ва инновацион ёндашувларнинг жорий этилиши ҳамда жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларнинг, жумладан кибержиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар хусусида маълумот бериб ўтди. Сўзга чиққан соҳавий хизмат раҳбарлари томонидан маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш борасида вилоятда амалга оширилган ва бажарилиши режа қилинган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилиб, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама марказида бўлди.
Бундан ташқари анжуманда кибержиноятларни таҳлил қилиш, шахсга оид маълумотларни ошкор қилмаслик ҳолатлари бўйича ҳам маълумотлар берилди. Жараёнда йиғилганлар томонидан айни пайтда долзарб ва кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолатлар, ижтимоий тармоқларда тарқалган шов-шувли хабарлар юзасидан берилган саволларга мутахассислар ва соҳавий хизмат бошлиқлари томонидан жавоблар берилди. Шунингдек, Бошқарма ҳузурида ташкил этилган "Жамоатчилик кенгаши"нинг янги таркиби ва унинг фаолияти хусусида ҳам маълумотлар берилиб, кенгаш таркибига қабул қилинган янги аъзолар йиғилганларга таништирилди.
Сўнг анжуманга таклиф этилганлар янгидан фойдаланишга топширилган Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси биноси, маъмурий амалиёт маркази фаолияти ва ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда соҳа тарихига оид музей билан яқиндан танишдилар.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати