Навоийда 5 млн сўмлик қувурларни ўғирлаган шахсга қонуний чора кўрилди
Халқимизда “Эгри таёқдан тўғри соя тушмас” деган нақл бор. Нафсининг сўзи билан иш юритишга одатланган карманалик И.А ҳам қинғир мақсадига эришиш учун узоққа бормади. Ҳовлисида қурилиш ишларини олиб бораётган маҳалладошининг дарвозаси ёнидаги қувурларни олиб кетиш учун қулай пайт пойлади. Ниҳоят уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб бозор нархи 5 млн сўмлик темир қувурларни ўғирлаб воқеа жойидан яширинди.
Хонадон эгасининг мурожаати билан ишга киришган Кармана тумани ИИБ тезкор-тергов гуруҳининг саъй ҳаракатлари билан қувурларни ўғирлаганликда гумонланган шахс қўлга олинди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати