Қашқадарё вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ўртасида қўл жанги спорт тури бўйича ўтказилган “ИИВ кубоги“ мусобақасида Навоий вилояти ИИБ ходимлари ҳам ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олишди
Ички ишлар вазирининг 2024-йил 5-сентябр кунидаги “Ички ишлар органларининг таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмалари терма жамоалари ўртасида спортнинг қўл жанги тури бўйича “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақасини ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига асосан, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги қўл жанги федерацияси спорт саройида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ўртасида қўл жанги спорт тури бўйича “ИИВ кубоги“ мусобақаси ташкил этилди. Саккиз вазн тоифасида ўтказилган қизғин ва муросасиз баҳсларда Навоий вилояти ИИБ ходимлари ҳам муносиб иштирок этишди ва ғолиблар қаторидан жой олишди. Шахсий биринчилик баҳсларида 62 килограмм вазн тоифасида Исломбек Мардонов фахрли 1-ўринни, 80 кг вазн бўйича Хўжақул Эргашев 2-ўринни эгаллаган бўлса, Аббос Қодиров, Умиджон Ахматов ҳамда Шуҳрат Абдурайимовлар ўз вазн тоифаларида фахрли 3-ўринга муносиб деб топилди.
Умумжамоа ҳисобида эса фахрли 1-ўринни Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси жамоаси банд этди. Навбатдаги совринли ўринлар Жиззах, Қашқадарё ва Навоий вилояти жамоаларига насиб этди. Ғолиблар Ички ишлар вазирлигининг кубоги, дипломлари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати