“Яшил макон” лойиҳаси доирасида Ғозғон шаҳрида 2000га яқин мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилди
Мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда кўкаламзорлаштириш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Хусусан Навоий вилоятининг тоғли ҳамда чўлли ҳудудларида дарахт кўчатларини экиш, яшилликни кўпайтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бинобарин Ғозғон шаҳрида ҳам ички ишлар ходимлари томонидан бўш ерларни ободонлаштириш мақсадида 2000га яқин мевали ҳамда манзарали кўчатлар ўтқазилди. Вилоят ИИБ раҳбарияти ва Ғозғон шаҳар ИИБ ходимларининг саъй-ҳаракати туфайли ерга қадалган ёш ниҳоллар йиллар ўтиб гўзал манзара касб этиши шунингдек, халқимиз дастурхонининг тўкин-сочинлигига хизмат қилиши шубҳасиз. Қолаверса, ўсиб келаётган ёш авлодга намуна бўлиб ватанпарварлик туйғусининг яратилишига замин бўлса не ажаб.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати