“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Зарафшон шаҳар ИИБда боғ ташкил этилди
Дарахт экиб боғ яратиш эзгулик ва улуғворлик рамзидир. Атроф-муҳитни тоза ва озода сақлаш ҳамда ҳудудни кўкаламзорлаштириш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Зарафшон шаҳрида "Ички ишлар бўлими боғи" ташкил этилди.
Эрта тонгдан шаҳар ИИБ олдида Ички ишлар, Миллий гвардия, ФВБ, Халқ қабулхонаси, шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилот ходимлари ҳамда ИИО фахрийлари йиғилиб, ушбу хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлашди ва бу йўлда бирлашишди. Дастлаб, мутасаддилар томонидан боғ яратиш ота-боболаримиздан қолган миллий қадрият эканлиги таъкидланиб, барча ҳашар иштирокчиларига бу хайрли ва савобли ишга қўл ураётганликлари учун миннатдорчилик билдирилди. Шундан сўнг, тажрибали боғбон ва деҳқонларнинг тавсиялари асосида иқлимга чидамли 1000 тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатларини экиш ишлари бошлаб юборилди.
Бундай саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад, халқимизга хос эзгу фазилатларни қадрлаш, эзгуликни ёшлар қалбига сингдириш, шаҳар ҳудуди ва атрофини кўркам кўринишга келтиришдан иборат. Жараёнлар изчиллик билан давом этмоқда.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати