27 Март 2024 йил 2124

Навоий вилояти ИИБ ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ўтказиладиган “Намунали оила” кўрик-танловида қатнашмоқчи бўлганларни таклиф этади

 

Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантириш, ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, дунёқараши ва маънавиятини юксалтириш, намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш мақсадида ҳамда ИИВнинг 2022 йил 15 феврал кунидаги “Ички ишлар органларида “Намунали оила” кўрик-танловини ўтказиш тўғрисида”ги 37-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ИИБ бошлиғининг 2024 йил 21-март кунидаги 36-сонли буйруғига мувофиқ, жорий йилнинг 15 апрель кунига қадар “Намунали оила” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилади.

Мазкур кўрик-танловда ички ишлар органларида камида 5 йил амалий иш стажига эга, оила қурганига 8 йил тўлган (ходимларнинг 7 – 15 ёш оралиғидаги фарзандлари кўрик-танловда иштирок этишлари мумкин), ҳаракатдаги интизомий жазоси мавжуд бўлмаган, эр-хотиннинг бири ёки иккаласи ҳам ходим бўлган оилалар иштирок  этадилар.

            Кўрик-танлов қуйидаги шартлар асосида ўтказилади:

“Таништириш” шарти, “Бу менинг оилам” номли энг яхши фотосурат ва видеороликлар шарти ҳамда “Биз китобхон оиламиз” шартлари  бўйича ўзаро беллашадилар.

“Таништириш” шарти. Мазкур шартда ҳар бир иштирокчи жамоа аъзолари (оиланинг барча аъзолари шарт ижросида иштирок этиши лозим) миллий рақс, шеър, қўшиқ, халқ ўйинлари ва бошқа ижрочилик маҳоратлари орқали соғлом, намунали оиланинг жиҳатлари, уларнинг эришган ютуқларини намойиш этишлари лозим (5 – 7 дақиқа).

“Бу менинг оилам” номли энг яхши фотосурат ва видеороликлар шарти.

Иштирокчи оила 10 та фотосуратдан иборат электрон оилавий фотоалбом ҳамда ўзларининг жамиятда тутган ўрни, касби, севимли машғулоти, ўзаро оилавий муносабатлар, оиладаги анъана ва қадриятларни акс эттирувчи 3 – 5 дақиқалик видеороликни тақдим этишлари зарур.

“Биз китобхон оиламиз” шарти. Ўзбек ва жаҳон адабиётига ҳисса қўшган, қуйида келтирилган буюк мутафаккир ва адиблар қаламига мансуб китобларнинг мазмун-моҳияти, ғояси ва аҳамияти бўйича билет саволларига жавоб беришлари лозим. Иштирокчиларга саволларга тайёргарлик кўриш учун 1 дақиқа, жавоб бериш учун 2 дақиқа вақт берилади.

 

“Биз китобхон оиламиз” шарти бўйича ўқилиши лозим бўлган китоблар

                                                                    РЎЙХАТИ                                       

 

 

 

Т/р

Китоб номи*

Муаллифи

1

Юлдузли тунлар

Пиримқул Қодиров

2

Уфқ

Саид Аҳмад

3

Икки эшик ораси

Ўткир Хошимов

4

Алкимёгар

Пауло Коело

5

Эвгений Онегин

Александр Пушкин

6

Оқ кема

Чингиз Айтматов

7

Дунёнинг ишлари

Ўткир Хошимов

8

Меҳробдан чаён

Абдулла Қодирий

9

Шум бола

Ғофур Ғулом

10

Робинзон Крузонинг ҳаёти ва ажойиб саргузаштлари

Даниел Дефо

 

 

Мазкур шартларни бажариш давомида иштирокчилар ва уларнинг  оила аъзолари ўз истеъдод  ва  қобилиятларни намойиш  этадилар. Мазкур танлов ходимлар ва уларнинг оила аъзолари истеъдодларини юзага чиқариш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, вилоят ИИБ тизимида хизмат қилаётган ходимлар ва уларнинг оилаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлди, десак, муболаға бўлмайди.

Вилоят босқичида

биринчи ўрин 1 даражали диплом ва телевизор билан;

иккинчи ўрин 2 даражали диплом ва чангюткич билан;

учинчи ўрин 3  даражали диплом ва электр печ билан тақдирланади.

.

Мазкур кўрик-танловда биринчи ўринни эгаллаган оила Республика босқичида иштирок этади. Республика босқичи ғолиб ва совриндорлари  Вазирликнинг бир марта тўланадиган қуйидаги пул мукофотлари билан тақдирланади:

биринчи ўрин – I даражали диплом ва 25 миллион миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;

иккинчи ўрин – II  даражали диплом ва 20 миллион миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;

учинчи ўрин – III даражали диплом ва 15 миллион миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти.


Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати 

 

Text to speech