25 Сентябр 2024 йил 1131

Навоий вилояти ИИБ ташаббуси билан ўтказиб келинаётган "Ватанпарварлик" тадбирларининг навбатдагиси Навбаҳор туманидаги 31-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилди

Шахснинг баркамол ривожланиши учун уни тўғри йўлга йўналтириш, қизиқишларини рағбатлантириш муҳим жараён ҳисобланади. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ўтказилаётган навбатдаги маънавий-маърифий тадбир Навбаҳор туманида жойлашган 31-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилди. Тадбир аввалида, Навоий вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари, ИИВ Навоий академик лицейи раҳбарияти ҳамда фахрий устозлар сўз олиб, ўқувчи-ёшларга она-ватан ҳимояси ва ватанпарварлик каби юксак туйғуларнинг мазмун моҳияти ҳамда тинчлик ва осойишталикнинг нақадар олий неъмат эканлиги хусусида тушунчалар беришди. Шундан сўнг, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, гиёҳвандлик воситалари, портловчи моддалар, қурол ва ўқ-дориларни аниқлашда кинология хизматининг ўрни эътироф этилди ҳамда йиғилганларга хизмат итларининг буйруқларни бажариш, из олиш, гиёҳвандлик воситалари, қурол-аслаҳа ва портловчи моддаларни қидириб топиш каби кўникмалари намойиш этилди. 

Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимлари томонидан тайёрланган жанговар ҳамда кўргазмали чиқишлар тадбирга ўзгача кўтаринкилик бахшийда этди. Соҳавий хизматлар фаолиятига оид қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар намойиши ўқувчи-ёшларда катта таассурот қолдирди. Жараёнда, ўқувчилар ИИВ Навоий академик лицейи фаолияти ва муассасада таълим олишга доир маълумотларга эга бўлишди. Куннинг иккинчи ярмида эса, умумтаълим мактаби ҳамда академик лицей ўқувчиларидан иборат жамоалар “Заковат” интеллектуал ўйинида ўз билимларини яна бир бор синовдан ўтказишди. 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech