Навоий вилояти ИИБда инспектор-психологлар билан учрашув ҳамда ИИВ Академияси Хизмат психологияси ва касбий маданияти фаолияти кафедраси профессорлари иштирокида ўқув-семинари ўтказилди
Навоий вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Азат Тасбаев шаҳар-туман ИИБларда хизмат олиб борувчи инспектор-психологлар билан учрашув ўтказди. Унда вилоятда вояга етмаганлар орасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш омиллари таҳлил қилиниб, йўл қўйилган хато ва камчиликлар муҳокама қилинди. Келгусида вояга етмаганлар ўртасида содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвқат олдини олиш, таълим муассасаларининг криминоген вазиятини яхшилаш, профилактик-тарғибот тадбирларини амалга ошириш ҳамда таълим муассасаларининг раҳбар ва ўқитувчилари билан мунтазам равишда ахборот алмашинувини кучайтириш каби бир қанча топшириқлар берилди.
Шундан сўнг, ИИВ Академияси Хизмат психологияси ва касбий маданияти фаолияти кафедраси бошлиғи, подполковник Б.Сирлиев томонидан ходимларга хизмат интизоми бузилиши, доимий чарчоқ, ишончсизлик, тушкунлик ва норозичилик каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик ва руҳий зўриқишларнинг олдини олиш ҳамда вояга етмаганларнинг руҳий ҳолатини ўрганиш ва барқарорлаштириш, улар билан доимий равишда мулоқотда бўлиш юзасидан тавсиялар берилди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати