19 Апрел 2025 йил 387

Навоий вилоятида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича ўқув-семинари ўтказилди

Юртимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг тинч, осуда ҳаётини кафолатлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда, Президент Администрацияси ташаббуси билан Навоий вилоятида махсус ўқув-семинари ташкил этилди.

Мазкур ўқув-семинарида Администрация, қонунчилик палатаси вакиллари, прокуратура, Ички ишлар, Миллий гвардия бошқармалари раҳбарлари, Маҳалла уюшмаси масъуллари ҳамда вилоятда мавжуд шаҳар-туман ҳокимлари, прокурор, ИИБ бошлиқлари ва Маҳалла еттиликлари иштирок этишди.

Дастлаб, масъуллар томонидан қарор мазмун моҳияти тушунтирилиб, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлаш ва уларни бартараф этишда хавфсиз йўлак ва хавфсиз кўчаларни барпо этиш лозимлиги таъкидланди.

Юзни таниб олувчи ва давлат рақамини аниқловчи кузатув камералари, ташвиш тугмалари, ақлли домафонлар каби бир қанча махсус қурилмаларнинг ишлаш тартиби, вазифаси ва ўзига хос хусусияти, уларни ўрнатишда аҳамият қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар хусусида маълумотлар берилди.

Семинар иштирокчилари Кармана туманининг Мирсаид Баҳром ва Алишер Навоий маҳаллаларида ташкил этилган хавфсиз кўча ва хавфсиз йўлаклар билан танишиб, уларда ўрнатилган замонавий хавфсизлик қурилмаларининг натижадорлигининг гувоҳи бўлишди.

Шундан сўнг, соҳа вакиллари вилоят ИИБда ташкил этилган вазиятлар марказида бўлишди. Унда мутахассислар томонидан “Қалқон” платформаси ва унинг жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишдаги аҳамияти ва ўрни  хусусида маълумотлар етказилди.

Худди шундай ўқув-семинари маҳалла еттилиги вакиллари билан ҳам ташкил этилиб, хавфсиз маҳалла, хавфсиз кўча ва хавфсиз йўлакларни ташкил этишнинг ижтимоий аҳамияти ҳақида суҳбатлашилди. Навбатдаги семинар иштирокчилари ҳам "Қалқон" платформасининг фаолияти, афзаллиги ва имкониятлари бўйича бир қатор маълумотларга эга бўлишди.

Шунингдек мутасаддилар семинар жараёнида мамлакатимиз раҳбарининг маҳаллаларга қаратган эътибори ва унинг қонуний асоси -1- сонли қарор ижросини таъминлашда ташаббус кўрсатиш, чора-тадбирларни изчиллик билан олиб бориш юзасидан топшириқлар берди.

Соҳа ходимларининг билим ва малакасини ошириш, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур семинар жойларда давом эттирилмоқда.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати 

Text to speech