Навоийлик фуқароларга мурожаат
Ассалому алайкум, ҳурматли навоийликлар!
Барчамизга яхши маълумки, ҳар қандай мамлакатнинг тараққий этишида осойишталик ва хавфсизликни таъминланганлиги шунингдек, жиноятчиликни жиловлаш борасидаги ишларнинг самарадорлиги муҳим ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Аслида битта бўлса ҳам жиноят бўлгани ҳаммамизни ташвишга солиши керак”.
Бироқ афсуслар бўлсинки, жамиятимизда фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий билимларини оширмасдан туриб, уларнинг кўмагисиз, фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг бу борадаги ҳаракатлари самарасиз бўлиши аниқ.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоятда содир этилган жами жиноятларнинг тўртдан бир қисмини айнан ўғирлик ва фирибгарлик жиноятлари ташкил этган.
Ўғирликларнинг кўп қисмини хонадон ўғирликлари, чорва моллари ўғирликлари ҳамда ахборот технологиялари орқали содир этилган ўғирликлар ташкил қилади.
Худди шу каби фирибгарликларнинг катта қисми кредит олиб бериш, уй-жой савдоси, чорва ҳайвонларини сотиш ва сўйиб бериш, ишга ва ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиш орқали содир этилган.
Шулардан келиб чиқиб, вилоятимиз фуқароларидан шахсий мол-мулкларига янада эҳтиёт бўлишларини, уларни ўғирланиши учун шарт-шароит яратиб бермасликларини;
Шунингдек, ҳозирги кунда асосан ижтимоий тармоқлар ёрдамида содир этилаётган кибержиноятлардан огоҳ бўлишларини;
Шахсий ва банк картаси ҳақидаги маълумотларни ҳеч кимга ошкор қилмасликларини;
Моддий манфаатдор қилиш эвазига ишга ва ўқишга киритиб қўйиш, кредит олиб бериш, уй-жой ва автотранспорт воситаларини сотиш ёки сотиб олиб беришни ваъда қилаётган шахсларнинг алдовларига учмасликларини;
Шубҳали туюлган шахслар ҳақида ўз вақтида “102” рақами орқали Ички ишлар органларига хабар беришларини сўраймиз!
Навоий вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.Д.Тасбаев