21 Ноябр 2023 йил 1078

Нурота туманининг Қадоқ МФЙда истиқомат қилувчи фуқароларнинг муаммолари Навоий вилояти ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари полковник А.Тасбаев томонидан ўрганилди

«Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш олий бурчимиздир» консептуал ғояси айни пайтда ички ишлар органларининг хизмат фаолияти давомида дастурул амал бўлиб келмоқда. Фуқароларнинг мурожаатларини секторлар кесимида ўрганиб имкон қадар ижобий ҳал қилиш амалиёти мана неча йилдирки кўплаб инсонларнинг оғирини енгил, мушкулини осон бўлишига сабаб бўлмоқда.

Навоий вилояти ИИБ бошлиғининг Нурота тумани Қадоқ МФЙда 25га  яқин инсон тиббий муолажа, ишсизлик, таълим шартнома тўловини тўланишига амалий ёрдам бериш, ички йўлларни шағаллаштириш ва бошқа бир қатор йўналишлардаги мурожаатлари тингланди. Хусусан, Нафиса Маҳмудова турмуш ўртоғининг жигар касаллигига чалинганлиги сабабли дори-дармон олишида моддий ёрдам ажратилиши масаласида мурожаат қилди. Нафисахоннинг илтимосини тинглар экан вилоят ИИБ бошлиғи полковник А.Тасбаев дори-дармонларни тегишли манбалар ҳисобидан олиб берилишини маълум қилди.

Камолиддин Норматов эса онасига ногиронлик аравачали олишда ёрдам берилишини сўради. Унинг ҳам мурожаати Нурота тумани ҳокимининг хотин-қизлар масаласи бўйича ўринбосари билан ҳамкорликда тез фурсатларда ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Барча мурожаатлар назоратга олиниб, айрим масалалар жойида ҳал этилди, муддат талаб қилинган мурожаатлар юзасидан тегишли маъсул раҳбарларга уларни ижобий ҳал этиш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech