22 Июл 2025 йил 84

Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасида ўтган даврда амалга оширилган ишлар юзасидан сарҳисоб йиғилиши бўлиб ўтди

  Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Зоҳиджон Қаюмов раислигида вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси, Эксперт-криминалистика маркази, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда уларнинг қуйи бўлинмалари ходимлари билан жорий йилнинг 6 ойлик иш якунлари ҳамда ушбу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган келгусидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган сарҳисоб йиғилиши ўтказилди.

  Йиғилишда соҳавий хизмат раҳбарларининг 6 ой давомида  амалга оширилган ишлари, эришилган ижобий натижалари билан бир қаторда йўл қўйилган хато ва камчиликлари юзасидан маърузалари тингланди. Йиғилиш танқидий руҳда ўтказилиб, фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида қонуний ҳал этилишини таъминлаш, фуқароликни расмийлаштириш ва паспорт-виза масалаларида ортиқча овворагарчиликларга йўл қўймаслик, бу борада мурожаат этувчиларга имкон даражасида шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, жиноят ишларини тергов қилиш, терговга қадар текширувни амалга оширишда Жиноят-процессуал қонунчилиги нормаларига қатъий амал қилиш, фуқаролар ва давлат манфаатларига етказилган моддий зарарни ундириш аҳволини янада яхшилаш, фош этилмай қолаётган жиноятлар бўйича жиноятчиларни аниқлаш мақсадида соҳанинг бошқа хизматлари билан ҳамкорликда ишларни ташкил этиш ҳамда жабрланувчиларни ўз вақтида жиноят иши ҳолати билан хабардор қилиб бориш каби масалаларга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

 Соҳада кўп йиллар самарали хизмат қилган маёр Бўронов Орифжон Султонович тантанали равишда нафақага кузатилди. Шунингдек, хизмат фаолияти давомида ижобий кўрсаткичларга эришиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимлар эътироф этилди ва вилоят ИИБ бошлиғининг тегишли буйруғига асосан пул мукофотлари билан тақдирланди. Ходимларнинг хизмат фаолиятини моддий-техник жиҳатдан яхшилаш ҳамда иш сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида замонавий қурилмалар топширилди. 

  Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech