Вилоят пракурори ҳамда ИИБ бошлиғи Навоий шаҳридаги ўрганишлари давомида ёшлар билан учрашди
Ҳудудларда криминоген вазиятни яхшилаш, айниқса ёшлар иштирокида содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган навбатдаги назорат ва рейд тадбирлари олдидидан куч тузилмалари вакиллари иштирокида йўриқнома ташкил этилди.
Унда вилоят Прокурори, Ички ишлар ҳамда Миллий гвардия бошқармаси бошлиқлари томонидан шаҳар ҳудудини жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, бунда назоратни кучайтириш, фуқаролар билан тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш, қонунбузарларга муросасиз бўлиш юзасидан топшириқлар берилди.
Йўриқномадан сўнг вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари шаҳарнинг аҳоли гавжум ва тунги вақтда фаолият кўрсатувчи маиший хизмат кўрсатиш жойларини кўздан кечириб, жамоат тартибини сақлашга масъул ходимлар билан суҳбатлашди.
Мутасаддилар шаҳарда мавжуд олий таълим муассасалари, талабалар турар жойлари ҳамда ижара уйларида бўлишиб, улар учун яратилган шароитлар билан танишди. Талаба-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, спортга жалб этиш орқали жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг сабабчиси ва жабрланувчиси бўлиб қолишидан сақлаш таъкидланди. Бу борада масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати